Сополли маданиятига оид антропологик манбалар асосида
Т.К. Хўжаев унинг аҳолисини Шарқий Ўрта Ер денгизи ирқига мансублиги тўғрисида ёзган.
Жанубий
Туркманистонда Номозгоҳ маданияти (Номозгоҳ IV-V) очилгандан сўнг фанда ушбу
маданият соҳибларини арийлар деб аталган. Айниқса, Жанубий Ўзбекистон ва
Шимолий Афғонистонда бронза даврига оид деҳқончилик маданиятлари очилгандан
кейин бу ғоя янада кучайган. Сўнгги йилларда номозгоҳ маданиятининг асосий
ижодкори В.М. Массон бу ғоядан қайтди. У «...бу маданият соҳиблари арийлар эмас, балки дравид ёки
элам тилли бўлган», - деган фикрга келди6.
Ўрта
Осиёнинг бронза даври аҳолиси тўғрисида А.А. Асқаровнинг умумий фикри шундай:
«...Менинг фикримча, Сополли ва Кучуктепа маданияти аҳолиси тил жиҳатидан
бир-бирини тушунишган, шу тил асосида Бақтрия аҳолиси тили вужудга келган, яьни
Эрон тили лаҳжаларидан бири».
Янги
адабиётларда А.А. Асқаров «Андроново маданиятининг бир қисм аҳолиси турк тилли
бўлганлиги» хусусидаги ғоя билан чиқмоқда. Бу ғоянинг ғоянинг асоси қадимги
Хитой йилномаларида келтирилган ёзма манбалар бўлиб, унда Хитойнинг шимолида
мил.ав. III-I минг йилликларида «ди»-«тиек»-«тиеук»-«турк» халқлари яшаганлиги
ҳақида ҳабар беради9.
Маълумки,
ўтган асрнинг ўрталарида Ўрта Осиё аҳолиси бронза даврида дравид тилли бўлган
деган ғоя тарқалган. Бу ғояни Марказий Осиё тарихи билан шуғулланувчи забардаст олимлар ҳам қўллаб қувватлаганлар. Б.А. Литвинский бу фикрни Амударёнинг
чап томонида жойлашган Хараппа маданиятига оид Шўртўғай ёдгорлиги мисолида
исботлашга харакат қилади.
Таъкидлаб ўтганимиздек, Сополли маданияти ва умуман бронза даври Ўрта
Осиё антропологияси жуда яхши ўрганилган, лекин антропологик жиҳатдан экватор
ирқига оид манбалар деярли учрамайди. Шу фактнинг ўзи ҳам Ўрта Осиё аҳолисининг
бронза даврида дравид ирқига оид эмаслигини ёки дравид тилли бўлмаганлигини
тасдиқлайди.
Академик Э.В. Ртвеладзе Ўрта Осиё аҳолиси бронза
даврида хуррит тилли бўлган деган ғоя билан чиқди.
Эслаб ўтилган, Жарқўтон аркидан топилган бюст ҳайкалда инсон қиёфаси
ҳаётий тасвирланган. Шу ҳайкал асосида фикрлайдиган бўлсак, Жарқўтон аҳолиси
европоид ирқига оид бўлиб, қирра бурун, соч-соқоллари қора кишилар бўлган.
Албатта, Ўрта Осиёнинг жанубий минтақалари
аҳолисининг бронза даврида арийлар бўлганлиги тарихий ҳақиқатдан жуда йироқ.
Авеста ва Ригведада таърифланган арийларга Сополли маданияти аҳли антропологик
жиҳатдан ҳам, улар яратган моддий маданият намуналари жиҳатдан ҳам ўхшамайди.
Дравид тилли бўлганлиги эса, хақиқатдан жуда йироқ. Сополли маданияти аҳолиси
дравид тилли халқлар билан яқиндан маданий ва савдо алоқаларида бўлган. Аммо,
бир халқ бўлганлиги Сополли ва Хараппа маданияти ёдгорликлари моддий
маданиятларини таққослаш натижасида инкор этилади. Бизнинг фикримизча, Сополли
маданияти аҳолиси Жанубий Туркманистон, Шимолий Афғонистон, Марказий ва Шимолий
Эрон аҳолиси билан бир этник гуруҳни ташкил этган ва қадимги Эрон тили
лаҳжаларидан бирида гаплашган. Шу тил асосида Бақтрия ва Авеста
тили шаклланган.
Комментариев нет:
Отправить комментарий