Жарқўтон ёдгорлигида сарой, ҳамда Жарқўтон олов
ибодатхонаси ўрганилган. Демак, Жарқўтонда давлатчиликнинг энг зарурий шартлари
бўлган ҳукмдорлар гуруҳи тўлиқ шаклланган. Шундай бўлса-да, Жарқўтон
ёдгорлигини тадқиқотчилар давлатчиликнинг «чифдом» ёки «карликовое» босқичига
оид, - деган фикрга келган. Маълумки, «чифдом» бошқарув тизимининг шаклланмаган
даврига хослиги билан характерланади.
Бронза даврининг бошқа ёдгорлиги Cополлитепа - юқори ривожланган
фортификация, ҳунармандчилик, қабрларнинг дифференциал тенгсизлиги, бошқарув
аппаратининг йўқлиги билан характерланади ва тарихий тараққиётнинг «чифдом»
шаклига тўғри келади.
Жарқўтон саройининг аркда жойлашганлиги, маҳобатли
фортификацияга эгалиги, ягона меъморий ечимда қурилганлиги Т.Ш. Шириновга бу
иншоотни сарой деб аташга имкон берган4. Бизнинг фикримизча, бу бино
Жарқўтоннинг илк даврларида жамоа сардорларининг қалъа-қўрғони бўлган.
Ламберг-Карловский таърифлаганидек «қалъа»лар ишлаб чиқаришни, жамоани бошқариш
вазифасини бажарган, аммо том маънодаги сарой эмас эди.
Фикримизча, Жарқўтон шаҳар-давлатининг асосий
бошқаруви «Жарқўтон олов ибодатхонаси»дир. №6 тепаликда жойлашган ушбу иншоот
нафақат ибодатхона, балки сарой-ибодатхона вазифасини ўтаган. Сўнгги йилларда
олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, энг аввал бу ерда тўғри тўрт бурчак
шаклли, монументал бино бунёд этилган. Бу бинони аниқ ишонч билан сарой деб
аташ мумкин. Негаки, бу ерда 7х7 метр кўламли қабулхона, унинг атрофида
йўлаксимон хоналар қурилиб, оқ гипс билан сувалишидан ташқари, деворларга от
тасвири ифодаланган терракот ҳайкалчаларнинг ёпиштирилиши саройларга хос безак
усулидир.
Иккинчи қурилиш даврида бу ерда А.А. Асқаров ва Т.Ш.
Ширинов томонидан ўрганилган «Жарқўтони олов» ибодатхонаси қурилади, яьни бу
ерда 5 метр қалинликдаги мудофаа деворига эга бўлган тўғри тўрт бурчак шаклли
сарой-ибодатхона бунёд этилади. Бу бинони
сарой-ибодатхона деб аташ меъморий ечим жиҳатидан ва жамоанинг ижтимоий
қатламлари жиҳатидан ҳам тўғри келади. Илк синфий муносабатларнинг шаклланиши
даврида ҳукмдорлар ва коҳинлар алоҳида ижтимоий гуруҳлар сифатида
бўлинмаганлигини инобатга олсак, биз чиқарган хулоса тарихий эканлиги кўринади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий