пятница, 15 июля 2016 г.

Жарқўтон аҳолисининг диний қарашлари тўғрисида янги маълумотлар

А.А. Асқаров ва Т.Ш. Шириновнинг умумий фикрига кўра, Жарқўтон олов ибодатхонаси нафақат шаҳар, балки бутун воҳанинг диний маркази вазифасини бажариб, илк зардуштийлик характерида бўлган.

Илк давлатларнинг шаклланиши билан диннинг ҳам марказлашув жараёни кечган. Марказлашаётган ягона дин билан бир қаторда жамоа динлари ҳам сақланиб қолганлиги кузатилмоқда.
Жарқўтонда зоолатрик диний қарашларни терракот ҳайкалчалар мисолида кузатишимиз мумкин. Сигир (ҳўкиз), туя каби ҳайвонлар шаклида ифодаланган ҳайкалчалар, муҳрларда тасвирланган илонлар, бургутлар каби ҳайвонлар аҳолининг зоолатрик диний қарашларини ифодалайди.
Икки ўркачли туянинг зоолатрик характер кашф этганлигини унинг терракот ҳайкал сифатида ифодаланиши биринчи омил бўлса, Авестада у «кучли», «баджаҳл» ҳайвон сифатида тилга олинади. Учинчи ва энг асосий омил эса зардуштийлик динининг асосчиси исмида туянинг қўлланишидир. «Zaraouštra» даги «uštra» сўзи туяни англатиши бу ҳайвоннинг илоҳийлик белгисини ифодалайди.
Аждодлар руҳига сиғиниш алоҳида диний қараш сифатида мавжудлиги фанда аллақачон исботланган. У универсал бўлмаслигидан ташқари ибтидоий ҳам эмас. У тарихий тараққиётнинг патриархал уруғчилик босқичига хос. «Ўлган ота-боболар ва уруғ бошлиқларининг руҳи авлодларни доимо бало-қазолардан сақлайди»,- деган тушунча ушбу ибодат турининг мақсади ҳисобланади. «Руҳ доимо тирик, у одамзотни қўллаб-қувватлайди» тушунчаси ушбу ибодат турининг мавжудлиги асосидир.   Жарқўтонда аждодлар руҳига ибодат қилиш каби диний тасаввурларнинг мавжудлигини бу ердан топилган эркак кишининг бюсть ҳайкали, ҳомиладор аёлнинг қорин қисмидан топилгпн иккита эмбрион кўринишли лой массаси мисолида кузатиш мумкин. Эркак кишининг оғзи очиқ ва кўзлари юмуқ ҳолатда ифодаланиши асосида ўлган киши ҳайкали деб аталди ва аждодлар руҳининг ҳомиладор аёлни, у дунёга келтириши кутилаётган чақалоқларни бало-қазолардан сақлашини, яьни аждодлар руҳининг диний қараш сифатида ифодаланишининг археологик кузатилиши деб ҳисоблаймиз. Ҳомиладор аёл ҳайкали қорин қисмининг ҳар-ҳар жойи қизил рангга бўялиши, қўл билан қорин қисм оралиғида илонларнинг ифодаланиши нариги дунё тушунчасини беради. Маълумки, мифологияда қизил ранг қонни, илон эса ер ости илоҳиятидан далолатдир. Шу азоб-уқубатлардан ҳомиладор аёлни фикримизча, «аждодлар руҳи қутқара олиши мумкин».
Ушбу топилманинг бошқа тушунчасини ҳам айтиб ўтиш мумкин. Иккинчи фикр фалсафий қараш бўлиб, дунёнинг пайдо бўлиши, унинг доимийлигини кўрсатувчи, диний қарашларга нисбатан ҳаётий манзарани тасвир этиш ғояси ётган кўринади. Ўлган одам → ҳомиладор аёл → инсон сифатида шаклланган эмбрион → инсон сифатида шаклланаётган эмбрион. Қон ва илонлар тасвири эса «қора куч»лар сифатида намоён бўлади.


Комментариев нет:

Отправить комментарий