вторник, 8 марта 2016 г.

"САБОТУЛ-ОЖИЗИН"ДАН ҲИКОЯТ

Эшитгил, фосиқе ёнди гунаҳдин,
Пушаймон бўлди аҳволи табаҳдин.
Қилур эрди ёмон нафсин маломат,
Гуноҳдин муддате эрди саломат.


Ёмон нафси тақозо қилди ёна,
Ёмонлиғ орқасидин кетди ёна.
Саҳаргоҳе, уёнди ул гуноҳсоз,
Пушаймон ўлди қилғон феълидин боз.
Бўлуб эрди дилу жони била нарм,
Ва лекин қилди бузғон аҳдидин шарм.
Йўқ эрди заҳраси тавба қилурга,
Яқин етди юроки ёрилурга.
Нидое келди ҳотифдин ўшал ҳол:
«Кейин боқма, ўзунгни илгари сол.
Ҳамиша мағфират дарёсидур жўш,
Даме обе ўшал дарёдин эт нўш.
Агар чанди ки буздинг аҳди баста,
Неча тавба этиб, қилдинг шикаста.
Дилу жонинг била чун айладинг оҳ,
Эрур тавбанг санинг мақбули даргоҳ!)
Эшитди бул нидони марҳаматнок,
Уриб наъра, яқосин айлади чок.
Ўзидин кечди ва ужбу риёдин,
Худойим қилди охир авлиёдин.
Тараҳҳум бандага кўбдур Худодин,
Умид узмак раво эрмас гадодин.
Яқин бил, гарчи ғофирдур Худованд,
Анго ҳам бўлма мағрур, эй хирадманд
Ўтар деб ётмағил қонға бўёниб,
Уёниб лутфига ўлтур суёниб.
Агарчи лутфи кўбдур, қаҳри ҳам бор,
Бошинг гар кўкка етса, қулсан, эй ёр.
Сенинг олдингдадур чандон хатардин,
Нечук ғофил юрурсан хавф этардин?!
Иноят қилса Ҳақ ўлган замонинг,
Узулса нури иймон бирла жонинг.
Жавоби қабрни берсанг чу беҳроқ,
Қиёмат кунга қўбсанг, юзларинг оқ.
Тарозуға оғир келса савобинг,
Агар ўнг илгинга келса китобинг.
Жаҳаннам устидин ўтсанг саломат,
Беҳишти жовидон қилса каромат.
Булардин ўтмайин, эй одамизод,
Нечук фориғ юрарсан, хурраму шод?
Жаҳон кулгу ери эрмасдур, эй қул,
Магар бу кулл хатардин отласанг, кул!

Комментариев нет:

Отправить комментарий