пятница, 18 марта 2016 г.

Кураш тарихи

Кураш тарихи


Курашининг миллионлаб одамлар онгига сингиб бораётганлигини бугунги воқелигимиз яққол номоён қилиб турибди. Термиз шаҳри мезбонлик қилаётган Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий турнир ўзбек курашининг аллақачон ўз Ватани ҳудудидан довонлар оша бошқа мамлакатларни, қитъаларни, узоқ ва яқин минтақаларни забт этганлигининг равшан ифодасидир. Шу ўринда ўзбек курашининг ёши нечада? деган қизиқ савол туғилади.


Археологик илмий кузатувлар, қидирувлар натижасида аниқланган кўплаб ашёвий далилларга таянган баъзи манбаларда ўзбек курашининг ёши 2,5-3 мингдан ошганини исботламоқда. Сурхон, Зарафшон воҳалари ҳамда Фарғона водийсининг бир қатор қадимги аҳоли манзилгоҳларида аниқланган ноёб топилмалар, асори атиқалар, қояларда акс этган тасвирий санъат намуналари ҳам миллий курашимизнинг узоқ тарихига шоҳидлик беради.

Шундай асори атиқалардан Панжакентдан топилган кураш тушаётган икки полвоннинг деворий сурати ўрта асрлар даврига оид ноёб ёдгорлик саналади. Бақтрия (Жанубий Ўзбекистон) ҳудудидан топилган цлиндр шаклидаги сопол идишнинг бир парчасида икки курашчи ва уларнинг бир-бирларининг оёқларидан чалаётгани тасвирланган. Яна бир идиш гардишидаги ҳайкалчаларда ҳам полвонларнинг қўлларини кўтариб, курашга шайланаётган ҳолати ўз ифодасини топган. Бу идишлар бронза даврига оид бўлиб, у ўзбек курашининг 3,5 минг ёшда эканлигидан гувоҳлик беради.

Навбатдаги топилма ҳам бронза даврига оид иккита от тақасидир. Ўзбек кураши усуллари тасвирланган иккала тақа сак-скиф қабилалари маънавий дунёқараши руҳида ишланган бўлиб, кўчманчилик даврининг дастлабки босқичларига оиддир. Милодий биринчи минг йилликнинг ўрталарига оид кумуш чўмич гардиши сиртида ҳам икки полвоннинг олишаётган ҳолати тасвирланган.

Энг қадимги достон, эртак ва ривоятларда ҳам кураш саҳналарига оид лавҳалар учрайди. Уларнинг мазмунига диққат қилсангиз, матриархат даврига тегишли эканлигига амин бўласиз. Бундан келиб чиқадики, ўзбек курашининг тарихи 5 минг йилдан олдинги мозийга бориб тақалади. Миллий курашимиз қирралари хусусида қадимги қўлёзмаларда, ҳар хил сайёҳлар, тарихчиларнинг асарларида ҳам қимматли маълумотлар келтириб ўтилган. Масалан, жуғрофия илмининг катта олими, саёҳатчи Макдис ёзиб қолдирган маълумотларга қараганда, Самарқанд, Балхда ўтказилган Наврўз сайлларида, Қурбон ҳайитларида одамларнинг ўзаро кураш тушганликлари қайд қилинган. Бу олим Х асрдаги воқеалар шоҳиди сифатида ана шуларни ёзиб қолдирган.

Амир Темур бобомизнинг “Темур тузуклари” асари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Алишер Навоий ҳазратларининг бир қанча асарларида ҳам айнан ўзбек курашига қаратилган битиклар мавжуд. Бу эса буюк мутафаккирларимизнинг юрт довруғини етти иқлимга таратган полвонлар баҳсидан ҳузурлангани, миллий курашимиз бошқа қадриятлар қатори умумбашарий фалсафа билан уйғунлашиб кетганидан далолатдир. Зеро, минг йиллик тарихга эга курашимиз боқийлик ва ўзбекона ғурур тимсолидир. 



Комментариев нет:

Отправить комментарий