пятница, 18 марта 2016 г.

"САБОТУЛ-ОЖИЗИН"ДАН ЭШОН СЎФИНИНГ ЁРОНЛАРИГА ВИДО ҚИЛҒОНЛАРИ

Биродарлар ки бизга қилдингиз аҳд.
Олурмиз деб муҳаббат жомидин шаҳд.
Топилмас бандада сиз истаган ҳол,
Очилмас осийдин сиз айғон ишкол.


Талаб қилманг, бу ноқисдин каромат,
Кушуфоту, мақомату, аломат.
Била олмам ниҳоний тарбиятдин,
Олиб эрдим илик нафсониятдин.
Пушаймонман паришон ўткан ишдин,
Баҳору тийра моҳу ёзу қишдин.
Пушаймонман илик олғонларимға,
Тамаъ нониға қўл солғонларимға.
Боринг эмди, ёронлар, ҳар қаёна,
Юрунглар бир мукаммал эр таёна.
Қуруғ қўл олғонимдин дар изоман,
Азизе истангиз, сиздин ризоман.
Мани деб қолмангиз ўз корингиздин,
Уётлиғман сизинг рухсорингиздин.
Боҳилл айланг, келиб кетгонингиздин,
Елиб югриб умид этгонингиздин.
Кечурмас бўлсангиз ман қулдин, эй қавм,
Менинг ҳолимға мушкулдур, сабо явм.
Тониб мандин, таниб авроъ кишини,
Тутунг маҳкам анинг қутлуғ ишини.
Керак муршид деган, монанди уммон,
Муборак ботини пур дурри маржон.
Жаҳолат даштидин ким келса сувсоб,
Анинг зоҳир сувидин бўлса сероб.
Агар бўлса киши ким толиби дур,
Чўмуб ботинға, жайбин айласа пур.
Деманг, топилмағай бу нашъалик кас,
Жаҳон айвони кенгдур, холи эрмас.
Топилғонда мунунгдек лужжаи хос,
Қани, ихлоси кўб ҳимматли ғаввос?!
Чўмуб олғой илиға дурри мақсуд,
Ва гар на қўл солиб, қочмоқ нечук суд?
Агар сиз топсангиз бир яхши шаҳни,
Хабардор айлангиз ман рўсияҳни.
Қилай ман ҳам юзин кўнглум зиёси,
Қадам туфроғини кўз тўтиёси.
На бўлгай сиз биродарлар пайидин,
Манга ҳам берсалар ваҳдат майидин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий