понедельник, 25 июля 2016 г.

Термизлик Мир Мусаввир ва Мир Саид Али Миниатюралари



 Мир Саид Али (илмий тадқиқотларда шундай ном билан қабул қилинган) рассомликдан илк сабоқни ўз отасидан олган. Аммо мусаввирликда ўз замонасида машҳур бўлган Мир Мусаввирнинг бу ҳунарни кимдан ўрганганлиги ҳақида манбаларда қайд қилинмаган.


Унинг асарлари бизгача ҳам етиб келган. Мир Мусаввир портрет жанрида моҳир бўлган. Унинг “Сарханбек суфрачи” асари ўз даврининг урфодатлари, либослари, ўша давр кишисининг ички олами, қизиқишлари доирасини ўзига хос ечимда тасвир этганлиги билан диққатга сазовор. Олим ва мусаввир Содиқи Китобдорнинг қайд қилишича, Мир Мусаввир Ҳиндистонда баракали ижод қилган ва Акбаршоҳ замонида (1556-1605) юқори лавозимларга кўтарилган. У тахминан XV аср охирида Термизда туғилган. Манбашунос, шарқшунос олим Илёс Низомиддинов шундай деб 42 ёзади: «Мир Мусаввир ёки Мир Мансур Термизда ва Бадахшонда яшаган даврларидаёқ санъаткор мусаввир сифатида танилган эди” (“Совет Ўзбекистони”журнали, 1983, 2-сон). 1510 – 1540 йилларда Табризда , кейинроқ Ҳиндистонда ижод қилиб, 1555 йилларда вафот қилган. Форс тарихчиси Дўст Муҳаммад (1544) нинг “Мусаввирлар ва хаттотлар ҳақида рисолалар” асарида баён этилишича, Мир Мусаввир ва Оқо Мирак ҳукмдор Тухмасп I нинг сарой кутубхонасида хизматда бўлишиб, шоҳнинг укаси Соме Мирзанинг саройи деворлари, жомномаларни(ойнали деворий заллар) безашган. Тухмасп I топшириғига кўра, Мир Мусаввир Низомий Ганжавийнинг “Хамса”сига ва Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сига расмлар ишлаган. Муаллиф Мир Мусаввирни муболаға билан ўз даври Монийси, деб таърифлаган ва агар Моний ҳам унинг чизганларини кўрса, ўз мўйқаламини ташлаган бўлур эди, дейди.Мир Мусаввирнинг, айниқса, Ганжавийнинг “Маҳзан-ул асрор”(“Сирлар хазинаси”) достонига ишлаган “Ануширвон ва бойқушлар” миниатюраси (1539 – 1543) ,Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сига ишлаган “Золим Заҳҳокнинг қўрқинчли туши” миниатюралари ўз даврида машҳур бўлган. Содиқи Китобдор Мир Саид Али рассомлик бобида отаси ва устози Мир Мусаввирдан ҳам беқиёс даражада илгарилаб кетганлигини алоҳида таъкидлаб ўтади. эшитиб, унинг ҳузурига ошиқишган. Бу ерда Беҳзоднинг шогирдлари Қосим Али Ҳиротий, Оқо Мирак Исфаҳоний, Ҳайдар Али Турбатий, Музаффар Али Турбатий, Рустам Али каби мусаввирлар фаол ижод қилишган. Бу пайтда Шимолий Ҳиндистондаги бобурийлар давлатининг иккинчи ҳокими Ҳумоюн ҳам ички низолар туфайли вақтинчалик Эронга, Табризга бошпана излаб келган. У бу ерда уч-тўрт йил яшаган. Ҳумоюн Мир Мусаввир ва Мир Саид Али санъатини кўриб, уларнинг ижодига мафтун бўлиб қолган. У Кобул ва Деҳлида ҳукмронлигини яна қайта тиклаб олгач, ота-бола мусаввирларни саройга келишга даъват этган. Беҳзод вафотидан сўнг Табризда санъатга эътибор сусайиб, нафис санъат қадрсизланган. Табризда дастлаб ота-боланинг ижоди самарали кечган бўлса-да, кейинчалик улар моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолишган. Қози Аҳмад 1597 йилда ёзган “Хаттотлар ва мусаввирлар ҳақида ҳикоятлар” рисоласида бу хусусда шундай деган: “Ота ва ўғил – ҳар иккаласи ҳам бахтсизлик ҳолатига тушиб қолган эдилар ва шунга кўра, Ҳиндистонга сафар этдилар”. Мир Саид Алининг Табриздаги ижоди ҳақида озарбойжонлик А.Ю.Казиев ва К.Д.Керимовнинг тадқиқотларида маълумот берилган. К.Д.Керимовнинг ёзишича, Мир Саид Али кўплаб миниатюралар чизган, ҳамда “Жудоий” тахаллуси билан кўплаб шеърлар ёзган. (қаранг: К.Д.Керимов. “Азербайджанский художник XVI века Мир Саид Али” Сб. исследования и материалы по архитектуры и иссуства Азербайджана». Баку, 1966 г.). Олим Табризда озарлар кўп бўлгани боис Мир Саид Алини «озарбойжон рассоми» дейди. Мир Саид Али Ҳиндистонда катта шуҳрат қозонган. У Акбарнинг топшириғи билан Шарқда машҳур “Достони Амир Ҳамза” раҳбар этиб тайинланган. Шерозлик Хўжа Абдусамад унинг ўринбосари ноиби бўлган. Ушбу гуруҳ аъзоларидан ҳиндистонлик Дасвантха ва Басаван кейинчалик машҳур рассом бўлиб етишишган. Мир Саид Али бу асар устида олиб борилган ишга етти йил раҳбарлик қилган. Ўзи ҳам кўплаб асар ишлаган. У тахминан 1569 йилда Маккага ҳажга кетиб, ўша ерда вафот этган, дейилади. Унинг ишини шерозлик ноиби Хўжа Абдусамад давом эттирган. Мир Саид Али бошчилигида чизилган 1400 миниатюрадан фақат 140 таси ҳозир ҳам дунёнинг турли музейларида сақланади. Перси Броуннинг ёзишича, Мир Саид Али меросининг бир қисми – олтмишта асари Австриянинг Вена шаҳридаги “Индастрэль”музейида ва йигирма бешта асари Жанубий Кенсингтондаги “Викториа энд Альбер” музейида сақланмоқда. Мир Саид Алининг “Мажнун Лайлининг чодири олдида” асари (Низомийнинг “Хамса”сига ишланган, 1539-1543) маконнинг ғоят кўламлилиги, лавҳаларнинг бир-бирига боғланганлиги, ҳар бир деталь ва персонажнинг сюжет линиясига қатъий бўйсундирилганлиги билан кишини мафтун этади. Мусаввирнинг “Кўчманчилар тўхтаган жой” (Кембриж, Саклер музейи, 1540 йилга яқин), “Саройдаги тунги ҳаёт”(Кембриж, Саклер музейи, тахминан 1540 йил), “Автопортет” (Вашингтон, Фрир галереяси, тахминан 1540 йил), “Ёш хаттот портрети” (Лос Анджелес, Округ музейи, тахминан 1550 йил) асарлари ҳам шундай. Мир Саид Али Фирдавсийнинг “Шоҳнома”асари сюжети асосида кўплаб расмлар ишлаганлиги билан машҳур. У бундан ташқари, алоҳида мавзу ва сюжетларга эга кўплаб мураққалар (альбом) ишлаганлиги ҳам маълум.  Фазл ўзининг “Акбарнома” китобида Мир Саид Алини мақтаб: “У бу санъатни отасидан ўрганди. У бу саройга келганидан бошлаб, подшоҳнинг меҳр қуёши паноҳида бўлди. У санъати билан ўзини машҳур қилди” деб ёзган. Муаллиф Мир Саид Алини Табриздан келган ва саройда йиғилган юздан ортиқ мусаввир ичида биринчи ўринга қўяди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Мир Саид Али Ҳиндистондаги бобурийлар салтанатида янги миниатюра мактабига асос солган. Мир Саид Алининг “Форс миниатюралари” китобида чиққан иккита асарини рассом Рўзи Чориевга кўрсатганимда, у ҳайратга тушиб: “Бу рассом истеъдоди жиҳатидан Беҳзоддан қолишмайдиган ниҳоятда улуғ мусаввир экан. Унинг ранг танлаши, чизиқларининг нозиклиги, композициясининг кутилмаган ечими шундан далолат беради”, – деган эди. Ўшанда Рўзи ака Мир Саид Алининг отаси Мир Мусаввирнинг “Сарханбек портрети”ни кўриб, яна завқланиб: “Мана, қаранг, характер бор, пластика бор, ранглари тоза...”, – деган эди. Мен бу санъаткорлар асли Термиздан эканлигини айтганимда, у қувонганидан ҳайқириб юборган ва: “Шундай юртдошларимиз бор экан-у билмаймиз-а, афсус?!. Уларни элга достон қилиш керак. Керак бўлса, ҳукумат доирасида иш кўриб, уларнинг альбомларини чоп этиш керак. Номларини Ўзбекистонда, ота юрти Термизда абадийлаштириш, улар мероси бўйича анжуманлар ўтказиш керак. Уларнинг ижоди-бутун инсониятники. Уларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш-бизнинг бурчимиз. Сендан илтимос, улар ҳақида матбуотга ёзиб чиқсанг”, – деган эди.Рассомнинг бу сўзлари қулоғим остида ҳали-ҳануз жаранглаб турибди.





Комментариев нет:

Отправить комментарий