Бурдоғуй
ҳақидаги маълумот Шиҳобиддин Абдуллоҳ ибн Лутфуллоҳ ибн Абдурашид Ҳаравий
(вафоти 1430 йил) ёки Ҳофизи Абру асарида сақланиб қолган. Дастлаб Амир Темур
хизматида котиб, кейинчалик Шоҳруҳ саройида асосий тарихчи бўлган Ҳофизи Абру
иккита йирик асар яратиб қолдирган. Бу асарлардан бири тарихий–географик асар (“География”) бўлиб, унда Бурдоғуй
ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган.
“Бурдоғуй–Жайҳун бўйида, Термизга туташ бўлган мавзе.
Баъзилар, унга Термиздан анча олдин асос солинган дейишади. Айримлар эса, уни
Искандар қурган дейдилар. “Бурдоғуй–юнонча сўз бўлиб, меҳмонҳона деган маънони
англатади” ва бу ном ҳам Искандар замонида қўйилган, деган фикрни айтганлар.
Қадимда зиммасига Жайҳуннинг кечувидан ўтишини таъминлаш юкланган кемачиларнинг
бошлиқлари шу Бурдоғуйда турганлар. Бурдоғуй ушбу дарёдан ўтадиган кечув
бўлган. Қадимги подшоҳлар ул мавзенинг аҳолисини дарёнинг гузарини қўриқлаб
туриш учун рағбатлантириб, уларга тархонлик берганлар. Шу сабабдан у ерда аҳоли
кўпайган, бой–бадавлат
зодагонлар истиқомат қилган. У ерга бирон–бир мусофир келиб қолса, уни яхши
кутиб олганлар. Тез орада, ул жойнинг халқи ўз олижаноблиги билан машҳур бўлди.
Бирор йўловчи ўша ердан ўтиб қолса, Бурдоғуй одамлари ҳар бири уни ўз уйига
олиб боришга ҳаракат қилар экан ва ҳатто бир–бирлари билан талашаширканлар. (Шу боис) Термаиз
аҳолиси билан Бурдоғуй аҳолиси ўртасида кўпинча жанжал бўлиб турган. Бурдоғуй
атрофида жангал (тўқайзор) кўп ва у жангалда шер бор.” [1]
Пардагви–Бурдоғуй манзилининг Окс (Амударё)нинг ўнг
қирғоғида жойлашганлигини, бу мавзенинг Термизга яқин жойдалиги ва унинг
савдода Термиз билан рақобат қилганлигини ўз даврида В. В. Бартольд ва В.
Ф. Минорскийлар ҳам таъкидлаб ўтганлар.
XX асрнинг 70–йилларида Бурдоғуй манзилининг жойлашган ўрни ва
локализация (жойлашуви)сини аниқлашда археолог Э. В. Ртвеладзе муҳим ишларни
амалга оширди. Э. В, Ртвеладзенинг XX асрнинг 70–80 йилларида эълон қилинган мақолаларида бу жой
македониялик Искандар (Александр Македонский) бошчилигидаги юнон–македон қўшинларининг Окс (Амударё) дан шимолдаги
ўлкага юриши давомидан тилга олинган Пандахейон манзилини Қорасув
(Шўробсой)нинг Амударёга қуйилиш жойида унинг ўнг қирғоғида жойлашган Шўртепа,
Кампиртепа ва Шўробқўрғон ёдгорлиги ўрнида мавжудлигини исботлади.
В. В. Бартольд, В. Ф. Минорский, Э. В. Ртвеладзе ва
ҳ. к. тарихчи– шарқшунос ва тарихчи
археологларнинг эътироф этишича Пандахейон– Пандоки Пардагви асл қадимги юнонча
сўз бўлиб, “меҳмонҳона” деган маънони
англатади. XV аср тарихий ва географик адабиётига эса, Бурдоғуй шаклида
сақланиб қолган. Ҳофизи Абрунинг “География” асарида бу жойнинг “Бурдоғуй”
шаклида тилга олиниши бунинг яққол исботидир.
Э. В. Ртвеладзе тадқиқотларига кўра, Бурдоғуй тарихий
топографияси қуйидагича шаклланиб тараққий этиб борган.
Бурдоғуй ўрнига милоддан аввалги V–IV асрлар
оралиғида асос солинган. Бу даврда бу кечув жойининг асосий ўзагини милоддан
аввалги V–IV асрларга оид Шўртепа ташкил этган. Э. В. Ртвеладзе таъкидлашича
айни шу даврдан эътиборан Бақтр (Балх) нинг рўпарасида (бу кечув жойидан
Бақтр–Балхга томон масофа 60 километрни ташкил этган) жойлашган бу манзил Окс
(Амударё) даги асосий кечув жойларидан бири бўлиб хизмат қилган.
Э. В. Ртвеладзе таъкидлашича, Аҳамонийлар Эрони
ҳукмронлиги давридаёқ бу жой асосан дон маҳсулотлари билан савдо қилган.
Милоддан аввалги 329–328 йилларда Шўртепа ёнида табиий тепалик устида
умумий майдони 4 гектардан иборат, арки аъло ва қуйи шаҳардан таркиб топган
Кампиртепа шаҳар–қалъасига асос солинган. Бу шаҳар–қалъа бутун Кушон подшолиги ҳукмронлиги даврида
мавжуд бўлган.[2]
Милодий аввалги V–IV асрларда Кампиртепадан шарқда
Қорасув– Шўробсойнинг ўнг қирғоғида Шўробқўрғон шаҳри шаклланган яъни шаҳар
янги жойга кўчган.[3]
Илк ривожланган ўрта асрларда, Темур ва Темурийлар
даврида бу манзил юксалган ва Ҳофизи Абру замонида ҳам Бурдоғуй номини сақлаб
қолган.
Таъкидлаш жоизки, Э. В. Ртвеладзе ўзининг сўнгги
эълон қилган мақола ва асарларида македониялик Искандар юришлари давомида тилга
олинган Окс бўйидаги Искандария шаҳрини Кампиртепа ўрнида жойлаштиради.
Археолог олим фикрича, Кампиртепа Пандахейон эмас, балки Окс бўйидаги
Искандария шаҳридир.
Аксарият олимлар эса, Кампиртепа майдони жиҳатидан
Термизга тенглаша олмаслигини ва Кампиртепа ўрнида Пандахейон–Пардагви–
Бурдоғуй мавжуд бўлганлигини эътироф этадилар.
[1]
Ҳофизи Абру. География.// Чағониён тарихи. Форсийдан Омонулла Бўриев
таржимаси. Тошент Ислом университети. 2002, 187 бет.
[2]
Ртвеладзе Э. В. К
локализации греческой переправы на Оксе.
Вестник древней истории. 1977, №4, с. 182-188; Ртвеладзе Э. В. Кампиртепа –
греческая переправа на Амударье // Мозийдан садо. 1990, 12-16
бетлар; Ртвеладзе Э.
В. К итогам археологических исследований Кампиртепа в 2000 году. Материалы
Тохаристанской экспедиции. Археологические исследования Кампыртепа. Выпуск 2.
Т., 2001, с. 3-12. шунингдек қаранг харита. Рис. 3. Эллинистическая крепость
Пандахейон (Кмпиртепа)
[3]
Аршавская З. А, Ртвеладзе
Э. В. Хакимов З. А. Средневековые памятники Сурхандарьи. Т., Издательство
литературы и искусства имени Г. Гуляма, с. 117-118.
Комментариев нет:
Отправить комментарий