Сурхон воҳаси тарихий
топонимлари орасида қарийб 2 минг йиллик тарихга эга Термиз алоҳида ўрин
тутади. Археология маълумотларига кўра, Окс (Амударё) соҳилида бир неча юз
гектар майдонни эгаллаган Термиз ўрнида энг қадимги қишлоқ милоддан аввалги
VI-IV асрларда пайдо бўлган.
Бу борада археолог олимлар Т. Аннаев, Ш.
Шайдуллаев[1],
Ш. Пидаев[2],
Ш. Раҳмонов тадқиқотлари жуда муҳимдир. Македониялик Искандар (Александр
Македонский)нинг милоддан аввалги 329-327 йилларда Трансоксиания (Сирдарё ва
Амударё оралиғидаги ҳудуд)ни эгаллагунига қадар мавжуд бўлган бу аҳоли манзили
бир гуруҳ олимлар фикрича Тармита (Термиз) деб аталган. Тармита номининг
дастлабки изоҳи XIX
асрда австриялик олим В.
Томашек томонидан билдирилган. В. Томашек фикрича Тармита қадимги авесточа
сўз “taro maetha–яъни дарёнинг нариги томонидаги қишлоқ” номидан
келиб чиққан. Бу ном, эҳтимолки деб таъкидлайди археолог Ш. Пидаев, бу жойга
нисбатан дарёнинг нариги соҳилида истиқомат этган аҳоли томонидан берилгандир.
Бу жараённи шундай изоҳлаш мумкин. Қароргоҳи Бақтр (Балх) шаҳрида бўлган
аҳамонийлар даври Бақтрия сатрапи, пойтахтдан 50 км узоқликда Амударёда
жойлашган кечувни қўриқлаш мақсадида бу жойда қишлоқ ва қалъага асос солган.[3]
Термизнинг тарихий топографияси, географиясини
археологик далилларга асосланган ҳолда таъкидлаш жоизки, македониялик Искандар
юришларига қадар Эски Термиз ўрнида аҳоли пункти мавжуд бўлган. Баъзи бир
олимларнинг фикрича Термизга македониялик Искандар асос солган. Бу анъана XVI
аср тарихчиси Хофизи Абруда ҳам мавжуд. Бу гуруҳ олимлар македониялик Искандар
милоддан аввалги 329-327 йилларда Окс (Амударё) дан кечиб ўтаётган чоғида
Тармита (Термиз) нинг аҳоли яшаган қисмини мустаҳкам қалъа–шаҳарга айлантиради.
Шундан сўнг бу шаҳар Окс бўйи (соҳилида) ги Искандария ёки Оксдаги
Искандария–Окс Искандарияси деб номланади. Айни шу даврдан бошлаб, ҳарбий
жиҳатдан муҳим жой, яъни Пайғамбар ороли (VIII асрдан бу орол Усмон ороли яъни Жазирати Усмон деб юритила
бошланган. Оролнинг бундай номланиши араб лашкарбошиси Усмон номи билан боғлиқ
бўлиб, Термизни эгаллаган Мусо ибн Абдуллоҳ қўшинларига Хуросон ноиби томонидан
Усмон бошчилигида юборилган араб қўшинлари бу оролга жойлаштирилган бўлган. Шу
боис кўп асрлар давомида орол Усмон
ороли деб юритилган)[4]
орқали кечув, Бақтр (Балх) ва Мароқанд (Самарқанд) савдо йўлида жойлашган бу
шаҳар Ўрта Осиё ўлкалари иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллай
бошлаган.
Милоднинг
VI–VII асрларида Термизда ҳукмрон бўлган термизшоҳлар тангаларидаги рамзий
белги қайиқ лангари ҳисобланган. IX асрдан бошлаб ёзма манбаларда Термиз
Мовароуннаҳрнинг йирик порт шаҳри сифатида таърифланади. Шу боис
тарихчи–археолог А. Муҳамаджонов Термиз номини “дарё ёқасида жойлашган қалъа”,
янада тўғрироғи “дарё соҳилидаги шаҳар” деб изоҳлаганлар.
Тарихий адабиётларда мавжуд Термизга македониялик
Искандар асос солганлиги ҳақидаги анъана эллинизм даври тарихчиси сицилиялик
Диодор (90-21 йиллар) маълумотларига асосланади. Диодорнинг тарихий кутубхона
асарида тилга олинган Окс бўйидаги Искандария ёки Оксдаги Искандария шаҳрини
илк бор инглиз олими В. В. Тарн Эски Термиз ўрнида жойлаштирган эди.
Кўп йиллар давомида Эски Термиз ёдгорлигида қазув
ишлари олиб бораётган археолог олим Ш. Пидаев айни В. В. Тарн фикрини қўллаб
қувватлайди ва бу муаммони ўзининг бир қанча мақолаларида ёритган.[5]
Милодий VII асрда Равеннада тузилган “Певтингиер таблицалари” да Антиохия Тармита
шаҳри ҳам тилга олинган. В. В. Тарн таъкидлашича, Окс соҳилидаги Искандария
шаҳри кўчманчи қабилалар (юнон анъаналарида варварлар) томонидан вайрон этилган
ва қайта тикланган бу шаҳар ҳукмдор шарафига Оксдаги Антиохия деб номланган. В.
В. Тарн фикрича, бу ҳодиса милоддан аввалги 293-290 йилларда содир бўлган.
Таниқли архелог олим М. Е. Массон 1936-1938 йилларда
Эски Термиз ҳудудида тадқиқотлар олиб борган Термиз археологик комплекс
экспедициясининг натижаларига асосланиб, Термизни Тибет буддавий манбаларида
тилга олинган Дармамитра шаҳри билан таққослаган. В. В. Тарн, М. Е. Массон
фикрича, Дармамитра Юнон-Бақтрия давлати подшоси Деметрий номининг санскритча
талаффузи бўлиб, ўз навбатида бу номдан замонавий Термиз атамаси юзага келган.[6]
Археолог олим Ш. Пидаев Термиз номининг келиб чиқишини Юнон-Бақтрия подшоси
Деметрий номи билан боғлашни асоссиз эканлигини қуйидаги ашёвий ва ёзма
манбаларга асосланиб рад этади:
Биринчидан Эски Термиз маданий қатламларида
Юнон–Бақтрия подшоси Деметрий номидан зарб этилган тангалардан бошқа ундан
олдинги ҳукмдорлар тангаларининг мавжудлиги бу шаҳарни подшо Деметрий
ҳукмронлигидан олдинги асрларда пайдо бўлганлигини кўрсатади;
Иккинчидан “Певтингер харитаси (таблицаси)”да
Антиохия Тармита номининг тилга олиниши;
Учинчидан Термизга Юнон-Бақтрия подшоси Деметрий асос
солган тақдирда, бу шаҳар антик давр манбаларида Деметриас номида юнонча юритилган
бўлур эди;[7]
Ш. Р. Пидаев ўз фикрларига тасдиқ сифатида Эски
Термиздаги Қоратепа буддавийлик ибодатхоналари мажмуидаги “Б” иншоотида девор
бетига ёзилган ёзувни келтиради.[8]
Таниқли тилшунос олим В. Б. Хеннинг фикрича бу ёзув Антиохия номини билдиради.
Бу ёзув IV аср билан саналанган. Ш. Пидаев таъкидлашича бу даврда шаҳар Тармита
деб аталган бўлса ҳам, унинг қадимги номи Антиохия сақланиб қолган.
Термизнинг милоддан аввалги VI-IV, милодий
V асрлар тарихий топографияси ҳақида археология ва ёзма манбаларга кўра
қуйидаги фикрларни баён этиш мумкин.
- Милоддан аввалги VI-IV
асрлар. Эски Термиз ва унинг атрофида дастлабки қишлоқларга асос
солиниши. Бу жараён Ш. Пидаев, Т. Аннаев, Ш. Шайдуллаев, Ш. Раҳмоновлар
тадқиқотлари туфайли ўз исботини топган.
- Термиз ҳудуди македониялик Искандар, унинг ворислари Салавкийлар
ва Юнон-Бақтрия подшоликлари даврида асосан Эски Термизнинг қалъа қисмини
эгаллаб, умумий майдони тахминан 8-10 гектарни ташкил этган.[9]
Кушон
подшолиги даврида (милоддан аввалги I милодий III асрлар) топографияси кескин
ўзгаради. Шаҳар кенгаяди ва унинг таркибида кўплаб иншоотлар, шу жумладан
буддавийлик ибодатхоналари мажмуи юзага келади. Эски Термизнинг ана шундай
ибодатхоналаридан бири Қоратепа ўрнида мавжуд бўлган. Узоқ йиллар давомида
Қоратепа ибодатхоналари мажмуида қазув ишларини олиб борган Б. Я. Ставиский
Қоратепа номини узоқдан ғорлари туфайли қорайиб турганлиги учун аҳоли Қоратепа
деб номлаган тарзда шарҳлаган. Қадимги туркий тилда “Қора–улкан, йирик”
маъноларини англатади. Дарҳақиқат Қоратепа ёдгорлиги Эски Термиз обидалари
мажмуидаги энг йирик ҳисобланади. Қоратепа эса қадимда унинг ҳудудидан топилган
ёзувларга кўра, “подшо ибодатхонаси” ёки “Канишка ибодатхонаси” ҳам деб
аталган.[10]
V–VIII асрларда Термиз алоҳида Термизшоҳлар идора этган
мулклик пойтахти. Тарихий манбаларда, хусусан хитой манбаларида, Сюань Цзан
(630 йил), Хой Чао (729 йил) бу шаҳар Та-ми (Ta-mi) дейилган.[11]
Хитой манбаларида Термизнинг Та-ми
(Ta-mi) шаклида тилга олинишига кўра айтиш мумкинки, V–VII асрларда
маҳаллий аҳоли шаҳарни Тармита деб атаган.
IX–XII
асрларда Термиз номини, бу шаҳарнинг тузилиши, таркибий қисмлари ва унинг
атрофида жойлашган аҳоли манзилларини ўрганишда XII аср муаллифи Абу Саад
Абдалкарим ибн Муҳаммад ас-Самъонийнинг “Китоб ал-Ансаб” асари жуда муҳимдир.
Абу
Саад Абдалкарим ибн Муҳаммад ас–Самъоний (1163-1167) Ўрта Осиёнинг XII аср
машҳур олими, тарихчиси, филологи ва ҳуқуқшуноси ҳисобланади. Ас-Самъоний
асрлар давомида машҳур ва маълум бўлган Марвнинг олимлар авлодидан бўлиб, бу
оила ўз даврида мусулмон дунёсида тенги йўқ Марвдаги ўн кутубхонадан
иккитасининг эгаси бўлган. Оилавий анъанага кўра, Абу Саад ас-Самъоний узоқ
йиллар давомида Ўрта Осиё, шунингдек Ўрта ва Яқин Шарқ шаҳарларига саёҳат
қилган. Хусусан бу олим саккиз йил давомида Бағдодда яшаб, бу шаҳарда XI
асрнинг таниқли тарихчиси Абу Бакр ал–Хатиб томонидан бошланган “Бағдод
тарихининг давоми” асарини ёзган. Ас-Самъоний йиллар давом этган саёҳатдан
қайтиб она шаҳри Марвда яшайди, тўпланган манбалар ва асарлар устида ишлайди.
Манбаларга кўра, ас–Самъоний томонидан тарих, ҳуқуқшунослик, филология,
география каби фанларнинг турли йўналишларга бағишланган 50 дан ортиқ асар
яратилган. Ас–Самъоний томонидан давримизгача етиб келган асарлардан энг муҳими
“Китоб ал-ансаб” (“Исмлар генеалогияси китоби”) ҳисобланади.[12]
Ас–Самъонийнинг
бу асари нисбалар луғати яъни бир шаҳар, қишлоқ, маҳалла номи билан боғлиқ
шахслар исми тарихи асаридир.
“Китоб
ал–Ансаб” маълумотлари жуда катта ҳудудни жумладан Испаниядан Хитойга қадар
ҳудудни, даврий жиҳатдан эса қадимги замонлардан муаллиф яшаган асрни қамраб
олади.
Ас–Самъоний
ўзининг 1155–1156 йиллар давомида Мовароуннаҳр бўйлаб саёҳати давомида
Самарқанд ва Бухоро олимларидан илм ўрганган, икки ой давомида Насаф (ҳозирги
Қарши воҳаси ҳудуди) да яшаган, 14 кун Хоразмда ва 12 кун Термизда бўлган.
Мовароуннаҳр бўйлаб саёҳати давомида ас–Самъоний яна кўплаб шаҳар, қишлоқларда
ва савдо йўлларида жойлашган карвонсаройларда бўлган. Шу боис муаллиф кўпгина
ҳолатларда у ёки бу шаҳар ёки аҳоли манзилини аниқ жойлашган жойини, бу аҳоли
манзили билан боғлиқ тарихий воқеаларни баён этган. Ас–Самъоний ўз даврида
Мовароуннаҳрнинг 526 аҳоли манзили ҳақида маълумот келтирган. Булардан 192 таси
Бухоро вилояти, 178 таси Фарғона водийси, 82 таси Насаф ва Кеш ва 18 таси Термиз,
Чағониён, Хатлон (Хутталон) ва Уструшона билан боғлиқдир.[13]
“Китоб ал-ансаб” асари бутун Ўрта Осиё тарихий географияси ва топографиясини
ҳам ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Ас–Самъоний Ўрта Осиёнинг 900 географик
(аҳоли) манзили ҳақида маълумотлар келтирган.
Хусусан,
“Китоб ал–Ансаб” да Ўрта Осиёнинг 69 та шаҳари, 665 қишлоғи, 34 та маъмурий
вилояти ва тумани, 40 та шаҳар маҳалласи, 36 та кўчаси, 12 работи, 12 масжиди,
8 бозори, 8 дарвозаси, 7 қалъаси ва ҳ. к. ҳақида ҳам билиб олиш мумкин.
Ас–Самъоний
Ўрта Осиёнинг географик таърифида қуйидаги географик атама (номлар)га риоя
қилади: Шаҳар–мадина; шаҳарча–балда, булайда; пойтахт–мадина, касба; қалъа,
ҳисн, ҳисор; маҳалла; дарб, руб, қитъа; кўча–сикка, қуй; дарвоза–боб, дарб,
дарвоза ва ҳ. к.
Юқорида
таъкидлаганимиздек, ас–Самъоний
Термиз шаҳрида 12 кун бўлган. Ас–Самъоний
сўзига қараганда асарларда шаҳар номи Тирмиз шаклида, баъзан Турмиз деб
ёзилган. Муаллиф таъкидлашича маҳаллий аҳоли ўз шаҳрини Тармиз шаклида талаффуз
этган. Шаҳар номининг айни шундай талаффузи XIX асрга қадар маҳаллий орасида
сақланиб қолган.
XI–XII
асрлар арабонавис муаллифлари шаҳарнинг тузилиши, унинг айрим иншоотлари
тўғрисида маълумотлар берадилар.
Истаҳрийга кўра, шаҳар куҳандизи (арки аълоси) ва рабоди (ташқи қисми) девор
билан ўралган, жоме масжиди ва турма мадина (ички шаҳар) бозорининг ўртасида,
маҳалла масжидлари эса рабодда ҳам
бўлган. Шаҳар бозори ва кўчаларининг катта қисмига пишиқ ғишт ётқизилган
бўлган. Муқаддасийга кўра, шаҳар ҳудудига
сув икки томондан оқиб келган.
Шаҳар куҳандизи (қалъаси)да жоме масжиди жойлашган, шаҳар арки– аълоси
ундан ташқи тарафда ўринлаган. “Ҳудуд ул–Олам” маълумот беришича, Термизнинг
арки аълоси дарё ёқалаб жойлашган бўлиб, шаҳарнинг ўзи эса Хатлон ва
Чағониённинг савдо маркази бўлган. Ибн Хавқалнинг таъкидлашича, Термизда катта
фойда келтирадиган йирик (работ-карвонсарой, мусофирхона) лар бўлган.
Самъоний Термиз вилоятида Балх ўлкаси билан чегарадош
Сарминжон ёки Жарминкон ноҳиясини айтиб ўтади. Ёқут унинг форсийдаги Сармингон
номини келтириб, таъкидлаб ўтадики, бу қишлоқ Термиз мавзеларидан бири бўлган,
аммо Балхга қараган. Ибн Ҳавқал бу мавзени Сарманжи деб атайди, “Ҳудуд ул–Олам” да – Чарманган.
Жарминкон–Чарманган номини тарихчи ва
тарихчи–топонимист олимлар–“Сой бўйида жойлашган қалъа” деб изоҳлайдилар.
Термиз вилоятида ас–Самъоний учта қишлоқни тилга олади. Булар шаҳардан 6
фарсах узоқликдаги Буғ, Рухшабуз ёки ал–Ёқутга кўра Рухшайуд ва Шайшак. Шайшак манзили бошқа
тарихий манбаларда тилга олинмайди ва шу боис ас–Самъоний маълумотлари жуда муҳимдир.[14]
1220 йилнинг кузида Термиз шаҳри ўз аҳолисининг
қаҳрамонона қаттиқ қаршилик кўрсатишига қарамасдан Чингизхон бошчилигидаги
мўғул қўшинлари томонидан забт этилган. Чингизхон бошчилигидаги мўғул
қўшинларига қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги учун бу шаҳарга тарихий манбаларда
“мадина т-ул-рижол” яъни “мардлар шаҳри” ибораси қўлланилган. Шунингдек
Термизда зарб этилган тангаларда ҳам ушбу нисба қўлланилган.
Шаҳар топографиясига эътибор берилса, бу борада XIV
аср араб муаллифи ибн Баттутанинг Термиз ҳақидаги маълумотлари жуда муҳимдир.
1333 йилда Термизга ташриф буюрган ибн Баттута ўз саёҳатномасида “Эски Термиз
шаҳри Жайҳун бўйида барпо этилган эди. Чингизхон бу шаҳарни вайрон этгандан
сўнг янги шаҳарни икки чақирим нарида қуришган. Бу шаҳарда гавжум бозорлар ва
муҳташам иморатлар бўлиб, уни кўплаб анҳорлар кесиб ўтади, унда боғ-роғлар мўл”
Шарафиддин Али Яздий Янги Термиз билан бир қаторда
Эски Термизни ҳам тилга олади.[15]
Темур ва Темурийлар даври шаҳри ҳам айнан шимолда Каттақум ва шарқда Салавот
қишлоқларига туташ бўлган. 1404 йилда бу шаҳарга ташриф буюрган испаниялик элчи
Руи Гонсалес де Клавихо “Кундалиги” да бу шаҳар “Тармит” дейилган. “Термиз
(Тармит) жуда кенг ва аҳолиси зич жойлашган, унда ташқи девор ва мудофаа
истеҳкомлари йўқ. Атрофида боғ-роғ, шаҳарни кўплаб анҳорлар кесиб ўтади. Биз
доимо хилма-хил моллар сотиладиган гавжум кўчалар ва майдонлардан ўтиб бордик”
Маҳмуд ибн Валининг 1634–1641 йилларда яратилган “Сирлар денгизи” (“Баҳр ал–асрор”) асарида “Термизнинг тарихий жойлари кўп.
Унинг муҳим бир қисмини ҳукмдор қароргоҳи, бозор, мадраса ва ҳашаматли
жума масжиди бор Салавот ташкил этади”
Маҳмуд ибн Валининг асарида бу давр Термизи тўғрисида
яна кўплаб маълумотлар мавжуд. Бу авваламбор, Термизлик илм–фан ва илоҳиёт
намоёндалари ҳақидаги маълумотлардир. Муаллиф ал–Ҳаким ат–Термизий, шайх Абу Бакр Варроқ, шайх
Бурҳониддин Термизий ва Термиз саййидлари тўғрисида маълумот ёзиб қолдирган.
Асарда ал–Ҳаким ат–Термизийнинг иқтидорли шогирдларидан бири Абу Бакр
Умар ал–Варроқ Термизий
қабрлари ҳақида тўҳталиб, “шайх Абу Бакр Умар ал–Варроқ мақбараси шаҳар мудофаа деворининг шимолий
тарафида шуъла таратиб турганлиги” ҳам таъкидланган.
Айтишларича, деб таъкидлайди Маъмуд ибн Вали, Жайҳун
бўйида Гунбод қалъаси ёнида пайғамбар Зул–Кифл ва Исҳоқ ибн Кундашикен қабрлари
жойлашган. Бу жойни Ҳазрати Хизр ва хўжа ал–Ҳаким ат– Термизий суҳбат қурадиган
манзил ҳам дейилади.
Маҳмуд ибн Вали асарида Термизнинг муҳим бир қисмини
айнан Салавот тарзида учраши бу жойни Солиобод шаклида ва Соли деган шахс
томнидан обод этилганлигини каби халқ этимологиясини батамом рад этади.
XIX асрнинг охиридан 1927 йилга қадар Термиз номи
ўрнида Паттакесар атамаси қўлланилган. Паттакесар номини М. Е. Массон
Амударёдаги қайиқчилар хизмат ҳақига бериладтган патта (чек) билан боғлаш. XIX
аср рус ҳарбийлари томонидан ёзилган ҳисоботларнинг бирида Амударёдаги
кечувлардан бири “Паттакесар” деб номланган.
1928 йилдан Термизнинг тарихий номи қайтадан
тикланиб, шаҳар яна қадимий номи билан атала бошланган.
[1]
Шайдуллаев Ш, Аннаев Т. Еще
два новых пункта памятников раннего железного века на территории Сурхандарьи //
ўзбекистонда ижтимоий фанлар. 1989, 5, с. 31-34.
[2] Пидаев
Ш. Тармита – Термиз 1220 йилгача: шаҳарнинг келиб чиқиши ва тадрижий тараққиёти
// Термиз – буюк йўллар чорраҳасидаги кўҳна ва янги шаҳар. – Т., Шарқ, 2001.
[3]
Пидаев Ш. К вопросу о
локализации Александрии на Оксе // История материальной культуры Узбекистана.
Т., Фан, 1992, Выпуск 26, с. 46-59.
[4]
Пидаев Ш. Р. Термизшоҳ фожеаси. Термиз: тарихий тадқиқотлар, илмий
хулосалар. Т., Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. Т., 2001, 23-27
бетлар.
[5]
Пидаев Ш. К вопросу о
локализации Александрии на Оксе // История материальной культуры Узбекистана.
Т., Фан, 1992, Выпуск 26, с. 46-59.
[6]
Массон М. Е. Работы Термезской
археологической комплексной экспедиции (ТАКЭ) в 1937 и 1938 гг. // Труды
Термезской археологической комплексной экспедиции. Т II, Т., 1945, с. 4.
[7]
Пидаев Ш. К вопросу о
локализации Александрии на Оксе // История материальной культуры Узбекистана.
Т., Фан, 1992, Выпуск 26, с. 54.
[8]
Луконин В. Г.
Среднеперсидская надпись из Кара-тепе // Буддийские пещеры Кара-тепе в Старом
Термезе. М., Наука,
1969, с. 40-46.
[9]
Пидаев Ш. Р.
Стратиграфия городища Старого Термеза в свете новых раскопок // Городская культура
Бактрии – Тохаристана и Согда. Т., Фан, 1987, с. 87-97.
[10]
Чориев З, Шайдуллаев Ш, Аннаев Т. Ўзбекистон ҳудудида ёзувнинг пайдо бўлиши ва
тараққиёти. Т., Янги аср авлоди, 2006, 53 бет.
[11]
Пугаченкова Г. А, Ртвеладзе
Э В. Северная Бактрия – Тохаристана. Т., Фан, 1990, с. 123.
[12]
Ш. Камолиддинов таъкидлашича, давримизгача муаллиф асаридан олтита
қўлёзма сақланиб қолган. Булар Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург), Лондон,
Истамбул, Хайрабод, Дамашқ кутубхоналарида сақланади. Бу ҳақда қаранг: Камалидинов Ш. С. Самани и его
сведеня о Термезе// Краеведение Сурхандарьи. Т., Узбекистан, 1989, с. 113.
[13] Камалиддинов Ш. С. Самани и его
сведения о Термезе // Краеведение Сурхандарьи. Т., Узбекистан, 1989, с.
113-114.
[14]
Камолиддинов
Ш. С. «Китаб ал-Ансаб Абу Сада Абдалкарима ибн Мухаммада ас-Самани как источник
по истории и истории культуры Средней Азии. Т., Фан, 1993, с. 55-56.»
[15]
Аннаев Т,
Шайдуллаев Ш. Сурхондарё тарихидан лавҳалар. Т., Абдулла Қодирий номидаги ҳалқ
мероси нашриёти. 1997, 82 бет.
Комментариев нет:
Отправить комментарий