воскресенье, 3 января 2016 г.

СЎФИ ОЛЛОЁРНИНГ АСАРЛАРИ

Сўфи Оллоёр туркий тасаввуф адабиётининг йирик вакилларидан бири бўлган. У мутасаввиф шоир, адиб, диншунос аллома сифатида Туркистон халқлари орасида зўр ҳурмат-эътибор қозонган.

У уч тилда: форсий, туркий ва араб тилида маҳорат билан ижод қилган..
Сўфи Оллоёр истеъдодли шоиргина эмас, айни пайтда йирик мутафаккир олим ҳамдир. У «Махзан ул-мутъиин» асарини араб тилида, «Маслак ул-муттақин», «Мурод ул-орифин», «Ҳажнома» асарларини форс тилида, «Сабот ул-ожизин» манзумасини ўзбек тилида ёзиб, ислом оламига бебаҳо мерос қолдириб кетган. Унинг китоблари қадимда мадрасаларда ўқитилган, халқ орасида жуда машҳур бўлган. Айниқса «Сабот ул-ожизин» асари Қуръоннинг мағзи, дея эътироф қилинган. Ушбу асарни талабаларга эътиқод дарслиги сифатида ёдлатиб ўқитилган.

«Маслакул муттақин» - «Тақвадорлар маслаги» ёки «Гуноҳ ишлардан сақланувчилар йўли», - «Аллоҳдан қўрқувчилар тутадиган йўл» деб ҳам юритилади. Бу Сўфи Оллоёрнинг шеърий шаклда, форс тилида битилган 12000 байтдан ортиқ бўлган, 135 та катта-кичик боблардан таркиб топган энг йирик ва энг салмоқли асари бўлиб, 1700-1701 йилларда ёзиб тугалланган.
Бу китобнинг ёзилишидан мақсад Сўфи Оллоёр яшаган даврларга келиб Ислом динининг бир қадар сусайиши, натижада аҳлоқсизликнинг кучайиши (бемеҳрлик, шаробхўрлик, зинокорлик, фаҳш, зулм ва зўровонликнинг кенг авж олиши)
бўлган.
Шундай шароитда дин, имон ва этиқодга доир асар ёзишни Сўфи Оллоёр зарурий бурч деб билиб, асардаги ҳар бир ғояни шариат ҳукми, Қуръон ва ҳадис асосида шарҳлаб тушунтириб берган.
Асарда Аллоҳ таолонинг қудрати, зоти ва сифатлари таърифланиб, Қуръонда зикр этилган Пайғамбарларнинг номлари тилга олиниб, улар билан боғлиқ воқеа ва ҳодисалар баён этилади. Шунингдек, асарда иймон келтириш, чорёрлар мадҳи, имомлик қилиш, ҳариқи одат ва унинг қисмлари, мусаннифнинг камчиликлари, ўз фарзандига насиҳати ва узининг ожизлиги баёни, мусулмончиликнинг беш шарти, номоздаги ўн икки иттифоқли фарз, таҳорат, таяммум, намоз, рўза, закот, қурбонлик, ов қилиш, қироат, саждаи саҳв, саждаи тиловат, ўликни ювиш, кафанлаш, шаҳидлик ҳукми, сув ва қудуқ ҳукми, каби фиқҳий масалаларни ҳар томонлама шарҳлаб, далиллаб берган.
Шоир устоз ва шогирдлик ҳақида ёзиб, уни муридликка қобул қилган Ҳожа Наврўз ва у кишининг пири бўлган Шайҳ Ҳабибуллоҳларни ҳурмат билан тилга олади.
XIX асрнинг иккинчи ярмида Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли Туркистоний «Маслак ул - муттақин» ни ўзбек тилига таржима қилган. 2007 йил республиканинг таниқли адабиётшунос - манбашунос олимлари Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Акрам Деҳқонлар нашр эттирдилар.

«Саботул ожизин» - «Ожизлар саботи» ёки «Ожиз бандаларнинг иродаси», туркий- ўзбек тилида битилган, 3000 минг мисрадан ошиқроқ бўлиб, ҳозиргача жуда кўп юртларда, турли тилларда қайта-қайта нашр этилган.
«Маслак ул-муттақин» халқ орасида машҳур бўлиб кетгач, форс тилини оддий халқ билмаслигини эътиборга олиб, Сўфи Оллоёрга дўст-ёрлари, шу китобни ўзбекча ёзиб беришни илтимос қилишади, натижада, «Сабот ул-ожизин» туркий-ўзбек тилида юзага келади. Демак, бу асар ўз даврининг маънавий эхтиёжи туфайли яратилган асардир. Бу асар ислом маърифати хазинасини бойитган дуру жавохир, маънавиятимиз юксалишига қўшилган улкан ҳисса десак, муболаға бўлмайди.
Авлодлар тарбиясида бу китобнинг тутган ўрнини уч юз йилдан ортиқ давр мобайнида мазкур асар мактаб-мадрасаларда дарслик, қўлланма сифатида ўқитилганлиги, халқимиз орасида «Оллоёрхонлик» кечаларининг ўтказилиб, халқимизнинг бу шеърларни ёддан айтиб юриши яққол кўрсатиб турибди.
«Сабот ул-ожизин»нинг яратилишидан асосий мақсад комил инсонни тарбиялашдир. Асарда, инсон комилликка эришиши учун, аввало эътиқодли бўлиши, Тангри таолани таниши шариат ман этган ишлардан ўзини тийиши, жамоат эътиқодини ҳурмат қилиши, маърифатли бўлмоғи, иймонли бўлиши таъкидланади. Нафсни поклаш, таъма билан эришилган ҳамма нарса ҳаромлиги, таъмалик овқатдан заҳар, хаётдан ўлим афзаллиги қайд қилинади.
Асарда, инсон ва дунё, инсонлараро муносабат бош масала ҳилиб қўйилган ёмонлик, такаббурлик, ёдғончшгак, шуҳратпараслик, мансабпарастлик, ҳасадгўйлик, хиёнат каби ёмон иллатлар қораланган.
Сўфи Оллоёр маърифий қарашларининг энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, у комил инсонни тарбиялаш, инсон тақдири, тарбияси билан фақат масъул кишиларгина эмас, балки бутун жамият шуғулланиши лозим деб ҳисоблайди. Чунки, ёмонни тўғри йўлга солишдаги лоқайдлик бутун одам зотига хиёнатдир. Бу асар инсонни покиза ҳаёт кечиришга ташвиқ этади, жамиятнинг ҳар бир аъзосини диёнатли, виждонли, инсофли, адолатли, иймонли бўлишга чорлайди.
Умуминсоний қадриятларни эъзозлаш, инсоннинг камолотга етишида илмнинг қадрини жуда яхши англаб, дунёвий ва диний илимларни яхши ўзлаштиришга, сахийлик, очиқ чеҳралик билан бир қаторда ширин сўзли бўлишга чорлайди.
“Саботул ожизин” асари тошкентда 1882, 1884, 1905, 1915 йилларда, Когонда 1910 йилда, Қўқонда 1890 йилда, Тошкентда 1991, 1991, 2007 йиллар қайта қайта нашр қилинган.
“Саботул ожизин” асари Ўрта Осиё мамлакатлари, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия, Россия ва бошқа мамлакатларда жуда кўп марта нашр этилган. Бу асарнинг баён услубуди ва тилида арабий, форсий сўзлар кўп ишлатилганлиги боис, китобхонларга тушунарли бўлиши учун жуда кўп шарҳлар ёзилган. Шулардан, биз билган бир нечасини илова киламиз.

Тожуддин Ёлчиқул ўғли “Рисолаи Азиза”- “Саботул ожизин” шарҳи. 1797 йил Қозонда, 1847 йил Санк Петербургда, 1850 йил Қозонда, 2000 йил Ўзбекистонда нашр этилган.
Салоиддин ибн Ровил Салимий ал Қазоний “Иршод ул - оъизийн” Тотаристан Қозон 1911 йил.
Убайдуллоҳ ибн Исломқул “Саботул ожизин шарҳи”.
Саййид Ҳабибуллоҳ ибн Саййид Яҳёхон (Ал-Фароний ал Қобулий) “Ҳидоят ут толибийн”-“Саботул ожизин” шарҳи. Покистон. Лоҳур 1928 йил. Тошкент 2009 йил.
Шайх Муҳаммад Саъид Туркистоний (Муҳаммад Мусо Туркистоний ўз пулига нашр эттирган) “Саботул ожизин” шарҳи. Саудия Арабистони. Жиддадаги “Ахборот вазирлиги” розилиги билан, Дамашқдаги “Тараққиёт матбааси” 1967 йилда нашр эттирган.
«Махзан ул-мутъиин» — «Итоаткорлар хазинаси» - китобининг нусхаси яқингача топилмаганлиги туфайли у ҳақда фикр юритишнинг иложи бўлмаган. Изланишлар натижасида ушбу асарнинг қўлёзмаси топилиб, бу топилма кутилмаганда аҳли илму адибга ажойиб туҳфа бўлди ва ушбу нодир нусха Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 4982 рақами остида сақланмоқда.
«Махзан ул-мутеьин» икки бўлимдан иборат бўлиб, биринчиси «Ақидалар китоби» деб номланган ва унда жами 27 та фасл ўрин олган, иккинчи бўлимда, амалий масалалар ўрин олган бўлиб, унга тахорат (10 фасл), намоз (42 фасл), закот (4 фасл), рўза (3 фасл), никоҳ, талоқ китоблари эса 17 тадан зиёд фасллардан таркиб топган.
Ушбу асар ўрганилмоқда.
«Мурод ул-орифин» -«Орифлар муроди» китоби 15 фаслдан иборат. Унда тасаввуф илми ва тавхид масалалари Ислом оламининг ўттизга яқин машҳур уламолари ва буюк сўфийларининг рисолаларига суянган холда тушунтирилган.
Худойи оламоронинг юзидан бўлак, ҳеч нарсага дил хилватгоҳингдан жой берма, дейди шоир. Ана шунда мужоҳада, тавозеъ, ихлос, сидқ, вафо, тақво, шавҳ, диёнат юз очади. Бинобарин, орифга шунчаки диёнатли бўлиш камлик қилади, у диёнат баҳрига тамомила ғарқ бўлмоғи керак, шунда хиёнатдан асар ҳам қолмайди. Киши хаёлидан ақл ўзлатга чекинса дил муҳаббатга етишади, дил муҳаббатга тўлса, руҳ ҳайрат мақомига кўтарилади, деган ёруғ бир фикр пайдо бўлади.
Ушбу асар ўрганилмоқда.
«Ҳажнома». Сўфи Оллоёрнинг ҳаж қилганлиги ёки қилмаганлига ҳақида илмда турли хил фикрлар билдирилган. Баъзилар у кишини ҳажни адо этган, дейишса, айримлар ҳаж қилмаганликларини таъкидлашган. Сўфи Оллоёрнинг ўзи эса бу ҳақда ҳеч нарса демаган.
«Маслак ул-муттақин» номли асарида у аввал Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, ҳаж арконларини бажариб, сўнгра ҳаж китобини ёзишни ният қилганини айтган.

Убайдулло Аламкашнинг «Баёзи Аламкаш» тўпламида Сўфи Оллоёрнинг 73 ғазали ва 30 га яқин форс тожик тилида яратилган «Кўзунг ибрат била оч» шеърлар тўплами мавжуд.
2001 йилда Самарқандли олим Иноятулло Сувонқулов «Кўзунг ибрат била оч» шеърлар тўпламини нашр эттирди.


Комментариев нет:

Отправить комментарий